Босния ва Герцеговина ҳукумати Сребреницада мусулмон аҳолининг оммавий қирғинининг 20 йиллига бағишланган мотам маросими пайтида Сербия бош вазирига уюштирилган ҳужум учун барча хорижий делегациялардан узрни сўради, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

“Босния ва Герцеговина президиуми етказилган ноқулайликлар учун барча хорижий делегациялардан узр сўрайди. Президиум Сребреницага ташрифи учун Вучичга миннатдорчилик билдиради. У бу ташрифини ярашиш руҳида ва қурбонлар хотирасини ёд этиш мақсадида амалга оширган”, деб айтилмоқда ҳукуматнинг расмий баёнотида.

Босния ва Герцеговина президиуми полициячилар ва барча даражадаги ҳуқуқ-тартибот муассасаларидан бу ҳужумни уюштирган барча шахсларни аниқлаш учун синчков тергов ўтказишни талаб қилди.

Сребреницадаги ушбу нохуш ҳолат БМТ ва Европа кенгаши томонидан қораланди.

Маълумот учун, Вучич 11 июлда Поточари ёдгорлик марказидаги ҳайкалга гулчамбар қўйгандан кейин номаълум шахслар гуруҳи “Аллоҳу акбар!” дея ҳайқириб, Вучич томонга тош ва сув солинган идишларни улоқтиришган. Тошлардан бири Вучичнинг бошига тегиб, унинг кўзойнагини синдирган. Гувоҳларнинг айтишларича, серб делегацияси зудлик билан автомобилларга ўтириб, ёдгорлик марказини тарк этган.

Сербия Ташқи ишлар вазири Ивица Дачич Сребреницадаги нохушликни бутун Сербияга ҳужумдек талқин қилди, Вучичнинг ўзи эса бу ҳужумга аввалдан тайёргарлик кўрилганига ишончи комиллигини айтди. Сербия Ташқи ишлар вазирлиги ҳужум ҳолати юзасидан тергов ўтказиб, барча айбланувчиларнинг жазоланишини талаб қилди.

Бу мотам маросимларида ўн минглаб одамлар иштирок этган. Оммавий қирғинлар қурбонлари хотирасини ёд этиш учун Сребреницага Македония, Хорватия, Словения президентлари ва бошқа юқори лавозимли мансабдор шахслар ҳам келган эди.

Маълумот учун, 1995 йил 11 июлда босниялик серблар мусулмонлар анклави бўлган Сребреницада 8 мингга яқин кишини ўлдирган. Серб томони бу жиноятни рад этмай, бу сербларнинг экстремист мусулмонлар томонидан ўлдирилишига ўзи хос жавоб бўлганини таъкидлаган.