Касильяснинг отаси Пересни матбуотда Икерга қарши кампания тузганликда айблади

Спорт 12 Июль 2015 1926

"Реал" жамоаси дарвозасини 16 мавсум давомида қўриқлаб, эндиликда "Порту"га трансфер қилинган Икер Касильяснинг отаси Хосе Луис ўз ўғлига нисбатан жамоа президенти Флорентино Перес яхши муносабатда бўлмагани ҳақида айтиб ўтди.

"Жамоа президентлигида Лоренцо Санс ва Рамон Кальдерон бўлган даврларда улар Икер ҳақида алоҳида қайғуришарди. Флорентино Перес эса ўғлимни ҳеч қачон муносиб қадрламаган. Икер унга ҳеч қачон ёқинқирамаган. Бунга сабаб Икернинг бўйи дароз бўлмаганидир. Перес доимо баланд бўйли дарвозабонларни маъқул кўрган. Шунинг учун, у ҳамиша Буффонни трансфер қилиш ҳақида ўйларди.
Ўғлим бу жамоада жуда кўп синовларни бошидан кечирди. Матбуотда уни фақат танқид қилиш билан машғул гуруҳлар пайдо бўлди. У Переснинг раҳбарлиги даврларида ҳамиша руҳий босим остида бўларди. Уни 5 йил давомида камситишди. Бу эса унинг руҳий ҳолатида акс этмай қолмади.
ОАВдаги бундай ғаразгўй кампания Переснинг ташаббуси билан ташкил этилганига ишончим комил. У 2010 йилда шундай кампания ташкил этганди. Журналистлар ўшандан бери ўғлимнинг ҳар қадамини кузатиб, уни қоралаш учун баҳона излашди. Буни жиноят деб баҳолаган бўлардим. Ахир, Роналду ва Бейл ҳам ўйинларда жиддий хатоларга йўл қўйишарди, лекин матбуотда Икер каби қаттиқ танқид қилинмасди. 
Ҳаммага маълумки, Европадаги кўплаб кучли жамоалар Икерни ўз таркибида кўриш таклифини билдиришди. Лекин Перес бу таклифларнинг барчасини рад этиб, унинг номдор жамоада ўйнашини истамаслигини кўрсатди. У бундай ишни олдинроқ, Мората ва Морьентесга нисбатан ҳам қилганди. У ўзи ёқтирмайдиган одамларнинг омадга эришишига тўсқинлик қилади", дейди ота.

Кўпроқ янгиликлар