АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) Германиянинг собиқ канцлери Герхард Шредер ортидан кузатув олиб боргани бўйича изоҳ берди.

Унга кўра, Шредер у ўз постини тарк этган 2005 йилдан кейингина кузатила бошлаган. Бу ҳақда АҚШ махсус хизматларига асосланган ҳолда Bild am Sonntag нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, МХА Шредернинг Россиядан Европага газ етказиб бериш қувурининг йўлга қўйилишига бош-қош бўлган "Шимолий оқим" компаниясининг акциядорлар қўмитасига раҳбарлик қилгандаги фаолиятини кузатган.

Bild am Sonntag нашрида ёзилишича, Шредер Россия президенти Владимир Путин билан алоқаларини сақлаб қолаётгани АҚШ махфий хизматларида шубҳа уйғотгани учун шундай кузатувлар олиб борилган.

Бироз олдин, Германия матбуоти WikiLeaks томонидан 10 йил давомида мамлакат раҳбарлари, хусусан Ангела Меркель ва Герхард Шредер, яна бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ортидан АҚШ МХАси кузатув ишларини олиб боргани ҳақидаги маълумотлар эълон қилинишини муҳокама қила бошлаганди. Маълумотларда айтилишича, америкаликлар биринчи навбатда Германия иқтисоди ва валюта сиёсатини ўрганиш учун кузатувларни йўлга қўйишган.

Бу маълумотлар чоп этилганидан кейин, АҚШнинг Берлиндаги элчиси Жон Эмерсон маслаҳатлашув учун чақириб олинганди.