Флорида штатининг собиқ губернатори Жеб Буш ва миллиардер Дональд Трамп Республикачилар партиясининг АҚШ президенти лавозимига даъвогарлик қилаётган энг кўп қўллаб-қувватланаётган вакиллари ҳисобланишмоқда.

Ipsos халқаро ижтимоий маркази ва Reuters агентлиги ўтказган ва 11 июль куни чоп этилган сўровномага кўра, уларни деярли бир хил сондаги сайловчилар қўллаб-қувватламоқдалар.

Сўровнома натижаларига кўра, сўралганларнинг 16,1 фоизи Бушни 2016 йилги президентлик сайловларида Республикачилар партиясидан ягона номзод сифатида кўрмоқда. Трампнинг номзодини 15,8 фоиз респондентлар қўллаб-қувватлаган. 3-ўринда Нью-Жерси штати губернатори Жерси Крис Кристи (9,5 фоиз) бормоқда, унинг кетидан Кентукки штатидан сенатор Рэнд Пол (8,1 фоиз) келмоқда. “Бешлик”ни нейрожарроҳ Бен Карсон (7,2 фоиз) якунлаган.

Агар танлов Буш, Трамп ва Флорида штатидан сенатор Марко Рубио ўртасида олиб борилганда Бушнинг номзодини сўралганларнинг 42 фоизи, Трампни 28,4 фоизи ва Рубиони 20 фоизи қўллаб-қувватлаган бўларди, дейилади хабарда.

Демократлар партиясидан энг катта қўллаб-қувватлашга АҚШнинг собиқ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон эга бўлди – унинг номзодини 48,3 фоиз респондентлар қўллаб-қувватлади. Сўралганларнинг 22,9 фоизи Вермонт штатидан сенатор Берни Сандерсга, 10,7 фоизи АҚШ вице-президенти Жозеф Байденга (бироқ у президентлик сайловларида иштирок этишини маълум қилмаган) ғалаба тиламоқда.

6-10 июль кунлари ўтказилган ушбу сўровномада АҚШнинг 18 ёшдан катта 900дан ортиқ фуқароси иштирок этди.