Японияда 12 июль куни мобайнида офтоб уриши оқибати камида 2 киши ҳалок бўлди ва яна 769 киши шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда NHK жамоатчилик телевидениси хабар берди.

Энг кўп жабрланганлар Токио билан қўшни Сайтама префектурасида қайд этилди, бу ерда 75 киши шифохонага ётқизилган.

Япониянинг деярли бутун ҳудуди бўйлаб икки кундан бери иссиқ ҳарорат кузатилмоқда: бир қатор ҳудудларда ҳаво ҳарорати 30 градусдан юқорироққа кўтарилмоқда. 11 июль куни битта ўлим билан тугаган ҳолат ва 300 нафар киши шифохонага ётқазилгани ҳақида хабар берилган.

Японияда ҳар йили ёз мавсумида иссиқ уриши ва қизиб кетиш оқибатида қурбонлар қайд этилади. Ўтган йили иссиқ ҳарорат туфайли камида 30 киши ҳалок бўлган, 35 мингдан зиёдроқ киши шифохонага ётқизилган. Маҳаллий шифокорлар бундай иссиқ пайтда қуёшда камроқ бўлишни ва мунтазам равишда оз-оздан бироз шўрланган сув ва салқин ичимликлар ичиб юришни тавсия қилишади.