Жанубий Кореяда Яқин Шарқ респиратор синдроми коронавируси MERS эпидемияси деярли тугатилди. Саккиз кундан буён бирорта янги бемор рўйхатга олинмади.
Ушбу янгилик корейс жамиятида бирмунча жонланишга сабаб бўлди. Одамлар кўчаларда тиббиёт ниқобларида юрмай қўйди, дорихоналар олдидаги навбатлар йўқ бўлди, кинотеатрлар ва боғларда яна одамлар кўпая бошлади. Мактаблар ва болалар боғчалари ҳам нормал режимда ишлай бошлади – эпидемия туфайли бундай турдаги 3 минг муассаса ёпилган эди.
Шу билан бирга, коронавирус мамлакат иқтисодиётига ўта салбий таъсир ўтказди. Туристлар оқимининг тўхтаб қолиши, туристик компаниялар, авиакомпаниялар ва меҳмонхоналарнинг жиддий зарар кўрганидан ташқари, кўнгилочар бизнес, транспорт ва ишлаб чиқариш ҳам пул йўқотди. 124 минг сайёҳ Кореяга боришдан воз кечди. Июнда туристлар сони 24 фоизга тушиб кетди.
Кўпчилик соғлиқни сақлаш вазирлигини ушбу ҳолатда айбламоқда. Ушбу вазирлик мутасаддилари 18 кун давомида вирус ўтиш ҳоллари кузатилган шифохоналар рўйхатини очишдан бош тортган эди. Бошқа расмий идоралар ҳам ахборот яширишда айбланмоқда.