Россиялик сиёсатчи, Либерал-демократик партия раҳбари Владимир Жириновский Украина президенти Пётр Порошенкога унга Липецкда жойлашган “Рошен” қандолат фабрикасини беришни сўради. Давлат Думаси депутатининг айтишича, бу ҳолатда у Украина раҳбариятидан Костополь шаҳридаги фабрикани қайтаришни талаб қилмайди.

“Порошенкога алмашишни таклиф қиламан. У менга Липецкдаги заводини беради, мен Костополдаги фабрикага даъво қилишни тўхтатаман”, – деб ёзди у Twitter’даги микроблогида.

Илгарироқ Жириновский фабрикани “қайтариб олиши” ҳақида бир неча бор гапирганди. Айтилишича, фабрика унинг бобосига тегишли корхона ўрнида қурилган. Иккинчи Жаҳон уруши йилларида корхона вайрон этилиб, унинг негизида фабрика бунёд этилган. Жириновский Украинанинг илгариги президентларидан ҳам ўзига тегишли деб ҳисоблаётган фабрикани қайтаришни талаб қилган эди.