Японияда Nintendo компаниясининг президенти Сатору Ивата 56 ёшида вафот этди. Ивата машҳур “Mario” ўйинининг яратувчиларидан бири сифатида ҳам танилган. Ивата 11 июль куни ўт йўлидаги (зарда оқиб кетадиган томир) ўсмадан вафот этди.

Ивата 2000 йилдан бери Nintendo корпорациясига бошчилик қилиб келаётган эди. Ивата унгача видоўйинлар ишлаб чиқарувчи HAL Laboratory компаниясида ишлаган. Ивата бу компаниядаги 13 йиллик фаолияти давомида оддий ходимдан компания президенти лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтган.

Ивата 2000 йилда Nintendo’га ўтгандан кейин яна икки йил давомида HAL Laboratory президенти лавозимида фаолият юритган.

Сатору Ивата жасур шопмўйлов сантехник Марио ҳақидаги компьютер ўйинининг муаллифларидан бири ҳисобланади. Экспертларнинг фикрича, бу ўйин замонавий маданиятга катта таъсир кўрсатган. Ўйин қаҳрамони Марио компьютер ўйинларининг энг таниқли қаҳрамони ҳисобланади, Гиннесс рекордлар китобида компьютер ўйинларининг 50та энг яхши қаҳрамони рўйхатида 1-ўринни эгаллаб келмоқда. 1993 йилда тарихда биринчи марта ушбу ўйин асосида видеоўйинга асосланган “Супер ака-ука Мариолар” фильми суратга олинди. Унинг қаҳрамонлари Марио ва унинг укаси Луижи бўлган.