Испан ОАВларида "Реал" жамоасининг собиқ дарвозабони Икер Касильяс ва мадридлик мухлислар ўртасида хайрлашув маросими ўтказилиши ҳақида хабар берилди.

Cadena Ser радиосида айтилишича, Касильяс иштирокида ўтказилган совуққина матбуот анжуманидан кейин у билан "Сантьяго Бернабеу" ўйингоҳида алоҳида хайрлашув маросими ўтказилишига тайёргарлик бошланган.

Хабарда айтилишича, жамоа президенти Флорентино Перес Икер Касильясга телефон қилган ва уни "Сантьяго Бернабеу"га яна бир келишга таклиф этган.

Маълум қилинишича, маросим 13 июль куни Тошкент вақти билан соат 16:00да бошланади. Маросимдан кейин Икер Касильяс Голландияда мавсумолди тайёргарлигини ўтказаётган янги жамоаси "Порту" сафига бориб қўшилади.

Ушбу маросим "Реал"нинг расмий сайти орқали ёритилиши кутилмоқда. Айни вақтда Мадриддагилар бу маълумотнинг тасдиқланишини кутишмоқда.

Ўз навбатида, Marca нашри бу маросим стадионнинг VIP-ложасида ўтказилиши ҳамда минглаб мухлислар трибуналарни тўлдириб ўтиришини кутиш керак эмаслиги ҳақида ёзган.