Россияда “Оила, муҳаббат ва садоқат куни нишонланиши” муносабати билан Тошкентда 11 нафар оилавий жуфтлик “Муҳаббат ва садоқат” медали билан тақдирланди. Бу ҳақда Россиянинг МДҲ, хорижда яшовчи ватандошлар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик ишлари бўйича федерал агентлиги (Россотрудничество)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида маълум қилинди.

Россияда “Оила, муҳаббат ва садоқат куни” XIII асрда яшаган авлиё Пётр ва Феврония Муромскийлар хотираси кунига бағишлаб таъсис этилган. Россияда ушбу байрам 2008 йилнинг 8 июлидан бошлаб нишонлаб келинади.

Ушбу кун муносабати билан Россотрудничествонинг Рус маданияти маркази ҳамда Тошкент ва Ўзбекистон епархияси билан ҳамкорликда ташкил қилган тадбири Тошкентдаги Россия фан ва маданият марказида ўтказилди. Унда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар вакиллари, оилавий жуфтликлар, жамоатчилик вакиллари, Тошкентдаги етакчи олий таълим муассасалари ўқитувчилари, турли ташкилот раҳбарлари иштирок этишди.

“Биз бу хотира медалларини 25 йил бирга яшаган оилавий жуфтликларга топширамиз. Бугун анъанавий оилавий қадриятларга тажоввуз қилишга ҳаракат қилинаётган пайтда, оила ўчоғи, садоқатни сақлаш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда фарзандларни муносиб тарбиялаш соғлом жамиятнинг асосий вазифаси ҳисобланади”, деб айтди тақдирлаш маросимида Россотрудничество ваколатхонаси раҳбари Виктор Шулик.

Тадбир меҳмонлари учун “Оила, муҳаббат ва садоқат куни” деб номланган фотокўргазма ҳамда Тошкентдаги болалар рақс ва вокал жамоалари иштирокида концерт ташкил этилди.