12 июль куни ҳар йили анъанавий тарзда кўпроқ стюард ва стюардесса номи билан аталадиган фуқаролик авиацияси борткузатувчилари томонидан касб байрами сифатида нишонланади.

Бу касб 80 йилдан кўпроқ тарихга эга. Бу касб 1928 йилда Германияда, самолёт бортига асосий вазифаси парвоз пайтида хизмат кўрсатишдан иборат бўлган махсус одам – стюард олина бошлагандан кейин пайдо бўлган. Унгача бу вазифани самолётнинг иккинчи учувчиси бажарган ва унинг бу ишларга чалғиши хавфсизлик нуқтаи назаридан хавфли ҳисобланган.

Аввал борткузатувчилар вазифасини эркаклар бажарган, улар кўпинча ресторанларнинг собиқ официантлари орасидан танланган. Бироқ 1930 йилда АҚШда авиакомпаниялар учун қўшимча реклама сифатида бу вазифага хушбичим қизларни ишга олиш қарор қилинган.

Авиация тарихида Айова штатилик Эллен Черч биринчи стюардесса ҳисобланади. Черч стюардесса сифатида биринчи парвозини 1930 йилнинг 15 майида Сан-Франциско-Шайенн рейси бўйича амалга оширган.

Замонавий борткузатувчининг асосий вазифасига парвоз пайтида йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш киради. Бундан ташқари, стюард ва стюардессалар йўловчилар парвоз пайтида ўзларини қулай сезишлари учун барча нарсани муҳайё қиладилар.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин мамлакатда кучли, жаҳон стандартларига жавоб берувчи, замонавий моддий-техника базаси ва юқори малакали ходимларига эга фуқаролик авиациясига асос солинди.

Юқори кўрсаткичларга илғор техника ва технологияларсиз эришишнинг иложи йўқ. Айни пайтда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг самолётлар паркида бир қатор замонавий самолётлар, жумладан 10та Airbus-А320 ва 4та Boeing-767-300ER самолётлари мавжуд. Бугунги кунда Ўзбекистон байроғи ранглари билан безалган самолётлар 20дан кўпроқ давлатга парвоз қилади.

Миллий авиакомпания ўз фаолиятини доимий равишда такомиллаштириб боргани туфайли янги сарҳадларга эришмоқда. 2014 йил якунларига кўра авиакомпания томонидан 23 минг 811 та рейс амалга оширилди, 2 млн 625 мингдан кўпроқ йўловчига хизмат кўрсатилди. Шу билан бирга 42 минг 812 тонна юк, жумладан почта ва пулли юк ташилди.

Компания хизмат кўрсатиш сифатини мунтазам ошириб боришга катта аҳамият беради. Айни пайтда электрон чипталар тизими жорий қилинган бўлиб, мижознинг истагига кўра чипталар уйга ёки кўрсатилган манзилга етказиб берилади. Аэровокзал мажмуалари ва унга ёндош ҳудудларда турли қулайликлар таклиф қилинмоқда. Бортда тортиқ қилинадиган овқатларнинг сифатига катта аҳамият берилади. Йўловчилар учун мўлжалланган таомнома мунтазам янгиланиб турилади. Cetring давлат унитар корхонасининг ишлаб чиқариш қувватлари минглаб порция иссиқ ва совуқ таомлар тайёрлаш, барча авиалинияларда турли ичимликлар ва ҳўл мевалар таклиф қилишга имкон беради. 300 дан ортиқ таом Global Test мувофиқлик сертификатига эга.

“Ўзбекистон хаво йўллари” парвозлар хавфсизлигини ва ишончлилигини таъминлаш соҳасида кўплаб нуфузли мукофотларни қўлга киритган. Хусусан, 2014 йилда Ўзбекистоннинг учта аэропорти “МДҲ давлатлари орасида йилнинг энг яхши аэропорти” нуфузли танловида турли йўналишлар бўйича энг юқори поғоналарни эгаллади: Бухоро аэропорти йилига 100 мингдан ярим млн.гача йўловчига хизмат кўрсатувчи аэропортлар орасида “Энг тез ривожланаётган аэропорт” унвонига лойиқ деб топилди, “Самарқанд” ва “Урганч” халқаро аэропортлари “Ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси” йўналишида ғолибликни қўлга киритди.