Ўзбекистон ҳукумати қамоқхоналарда жазо ўтаётган маҳбуслар ҳамда Ички ишлар вазирлигининг тергов ва вақтинчалик изоляторларида сақланаётган шахсларни озиқ-овқат билан таъминлаш меъёрларини тасдиқлади.

Ҳужжатга кўра, маҳбуслар 1 кунда 1-навли ундан тайёрланган 500 грамм нон, 80 грамм гўшт, 30 грамм шакар, 35 грамм балиқ, 30 грамм гуруч, 1 дона тухум, 550 грамм картошка, 10 грамм қуритилган мева ва бошқа озиқ-овқатлар олишга ҳақлидирлар.

Бундан ташқари, маҳбус 421 грамм сабзавот, жумладан 95 грамм бодринг ва помидор (барра ва тузланган), 55 грамм карам (барра ва тузланган), 35 грамм пиёз, 95 грамм лавлаги ва сабзи, 20 грамм қовоқ билан таъминланишлари керак.

Умумий, қаттиқ ва алоҳидаги режимдаги колониялар ва қамоқхоналарда сақланувчи маҳбуслар ушбу меъёр бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланадилар.