Ўзбекистонлик режиссёр ўлим жазосини тиклашни таклиф қилди. Таниқли ўзбекистонлик режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг фикрича, Ўзбекистонда ўлим жазосини тиклаш керак.

“Тўғри тушунинг, мен қонхўрликка чақирмаяпман, – деди у “Адолат кўзгуси” газетасига берган интервьюсида. – Шахсан менинг фикрим, ўлим жазосини киритиш керак. Фақат бир шарт билан – агар жиноят юз фоиз исботланган бўлса. Худо кўрсатмасин, бегуноҳларни, айниқса, ёш болаларни ўлдирган одамни, педофилларни кечириб бўладими? Уларни нафақат ўлдириш керак, балки биз тўлаётган солиқ нега унга, унинг овқатига сарфланиши, оддий айтганда, ноҳақлик эканини одамлар онгига сингдиришимиз лозим”.
“Мана тасаввур қилинг, – сўзида давом этди санъат арбоби. – машинада одам уриб юборган ҳайдовчи ўша бечора қурбон бўлган одамнинг яқинлари учун қотил, уларга ўша одам нимадан ҳалок бўлгани барибир, бутун бошли инсон ҳаётдан кўз юмди. Жиноят кодексида эса машинада одамни уриб юборгани учун 7 йил, иккита одам бўлса, узоғи билан 10 йил беришади... Бу адолатданми? Агар тезликни оширган ва ундан баттари, маст ҳайдовчи узига бу жинояти учун 25 йил берилишини билса, машинани авайлаброқ минади”.