Папа Франциск Лотин Америкаси давлатлари бўйлаб турнесини якунлади

Жаҳон 13 Июль 2015 1179

Рим папаси Франциск Лотин Америкасининг учта давлатига сафарни ўз ичига олган дастурни якунлади. 78 ёшли понтифик бир ҳафта давомида қитъанинг учта энг камбағал давлати – Эквадор, Боливия ва Парагвайда бўлди.
Айтилишича, ушбу турне папанинг энг узоқ муддатли хорижий сафари бўлган.
Лотин Америкасидан чиққан биринчи папа, асли исми Хорхе Марио Бергольо бўлган Францискнинг бу минтақага қайтиши маълум шовшувга сабаб бўлди. У нафақат католиклар билан мулоқот қилди, балки ўтмишда черков номидан ҳиндуларга ўтказилган зуғум учун узр ҳам сўради.
Бундан ташқари, папа сафарда қилган чиқишларида бир қатор ижтимоий ва сиёсий характердаги баёнотларни бериб ўтди. Жумладан, Ла-Пас кафедрал соборида “молиявий спекуляция биринчи ўринга чиқадиган сиёсат ва технократик утилитар моделга таянадиган иқтисодиёт жамият тўқнаш келаётган муаммоларни ҳал қила олмайди” деб таъкидлаб ўтди.
Папа Боливияни “тоза ва ажойиб ер” деб атади, “тарихини эксплуатация, очкўзлик, эгоизмнинг кўплаб шакллари ва турли оқимлар қора доғларга буркаган ушбу давлат” бутун Лотин Америкасига намуна бўла олиши ва интеграция пайти келишини таъкидлаб ўтди.
12 июль куни папа Асунсьоннинг чеккасидаги Банадо Норте камбағаллар маҳалласига бориб, "Ну Гуасу" боғида месса маросимини амалга оширди.

Кўпроқ янгиликлар