12 июль куни кечаси Россиянинг Омск вилояти ҳудудидаги казарма биносининг қулаши натижасида ҳалок бўлганлар сони 18 нафарга етган. Бу ҳақда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига асосланган ҳолда FlashSiberia хабар берган.

Хабарда айтилишича, 19 киши шифохонада қолмоқда. Яна бир қанча киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Бироз олдинроқ, бу ҳалокат қурбонлари сони 12 киши экани, ҳалокатдан олдин бинода 37 киши бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Воқеа жойида Москвадан етиб келган махсус комиссия текширув ишларини ўтказмоқда.

Аввалига ҳалокатга бинонинг эскириб кетгани сабаб бўлгани ҳақида айтилганди. Охирги маълумотларга кўра, бино яқинда қурилганди ва қурилиш жараёнида эътиборсизликка йўл қўйилгани ҳалокат сабаби бўлиши мумкин.