Россия Мудофаа вазирлиги Омск вилоятидаги ҳарбий казарма биноси қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 23 киши бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар қилган.

Хабарда харобалар остидан 42 нафар ҳарбий чиқариб олингани айтилган.

"13 июль куни, соат 10:00 ҳолатига кўра, бино харобалари остида 42 киши қолиб кетгани маълум бўлди. Улардан 23 нафари жонсиз ҳолда топилган", дейилади хабарда.

Бундан олдинги хабарларда бино қулашидан олдин у ерда 37 киши бўлгани ва улардан 18 нафари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Воқеа жойида Москвадан етиб келган махсус комиссия текширув ишларини ўтказмоқда.

Аввалига ҳалокатга бинонинг эскириб кетгани сабаб бўлгани ҳақида айтилганди. Охирги маълумотларга кўра, бино яқинда қурилганди ва қурилиш жараёнида эътиборсизликка йўл қўйилгани ҳалокат сабаби бўлиши мумкин.