2015-2017 йилларда Сурхондарё вилоятида умумий қиймати 21.6 млн долларни ташкил қилувчи 47 лойиҳа амалга оширилади. Улардан 33таси янги ишлаб чиқаришларни йўлга қўйса, 14таси мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизация қилишга қаратилади. Лойиҳалар реализацияси 1 831 иш ўрни яратишга имкон беради.

Шунингдек, текстиль, трикотаж, тери-пойабзал ва фармацевтика саноатида 63.2 млн долларлик 37 лойиҳанинг амалга оширилиши кутилмоқда. Хорижий инвесторлар Қумқўрғон туманида пайпоқ ишлаб чиқарувчи корхонани ишга туширишга 1.7 млн доллар ажратади. Корхона йилига 800 минг жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

“Правда Востока” газетасининг хабар қилишича, энг йирик лойиҳалар қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Асосий урғу темир-бетон, тўшама ва пишиқ ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қаратилади. Дастур 86та лойиҳани ўз ичига олиб, уларнинг умумий қиймати 261.3 млн долларни ташкил қилади. Бу сумманинг 86 фоизи Шеробод туманида цемент заводи қурилишига сарфланади. Ушбу завод йилига 1.5 млн тонна маҳсулот етказиб бериш салоҳиятига эга. Бу жиҳатдан Сурхондарёдаги завод мамлакатдаги цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар ичида бешинчи ўринни эгаллайди.