Тула вилоятида қўлга олинган ўзбекистонлик гиёҳвандфуруш 15 йилга озодликдан маҳрум этилди

Жамият 13 Июль 2015 1422

Россиянинг Тула вилояти суди Ўзбекистон фуқаросини катта миқдордаги героин моддаси сотганликда айбдор деб топди. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлигига вилоят прокурори катта ёрдамчиси Любовь Кузнецова маълум қилди.

Суд материалига кўра, Тула вилоятига ишлагани келган Ўзбекистон фуқароси Д.Исоқов героин сотиб олиб, уни ўзи яшайдиган жойда сақлаб, уларни кейинчалик сотиш учун пакетларга қадоқлаб чиққан. Гиёҳванд моддаларни мижозларга бериш учун махфий жойлар ташкил қилган. Жиноятчи бундай жойлар ва уларнинг миқдори ҳақида тергов давомида шахси аниқланмаган воситачига хабар берган. Воситачи ўз навбатида гиёҳванд моддалар сотиб олувчилар билан боғланиб, уларга керакли маълумотни берган.

Маҳаллий аҳоли жиноятчининг мижозлари бўлган. Улардан бири 5 февраль куни наркополициячилар томонидан қўлга олинган, унинг ёнидан чой пакетига солинган героин топилган.

Бир неча кундан кейин гиёҳвандфурушнинг ўзи ҳам қўлга олинган, унинг ёнидан 416 грамм героин моддаси топилган.

Суд давлат айбловчисининг ҳукмига рози бўлиб, Исоқовни қаттиқ тартибдаги ахлоқ-тузатиш колониясида жазони ўташ билан 15 йил озодликдан маҳрум этди.

Кўпроқ янгиликлар