10 июль куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Миллий матбуот марказида "2015 йилги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумининг бориши тўғрисида" мавзусидаги матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати хабар берди.

Матбуот анжуманида дастлаб, соғломлаштириш тизимидаги янгича ёндошувлар ҳақида гап борди ва болаларни ёзги соғломлаштириш йўналишида олиб борилаётган доирасида 2015 йилги мавсумга тайёргарлик ҳар доимгидан эртароқ бошлангани қайд этилди.

Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича доимий фаолият юритувчи Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан оромгоҳларда болалар хавфсизлигини таъминлаш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни узлуксиз равишда етказиш, малакали кадрларни жалб этиш ва оромгоҳларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилган. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан мавсумни намунали ташкил этиш ҳамда уюшқоқлик билан ўтказиш ишлари мувофиқлаштириб келинмоқда.

Барча турдаги оромгоҳлар махсус ишлаб чиқилган тавсиялар, услубий-қўлланмалар, болалар учун мўлжалланган фильмлар тўпламидан иборат компакт-дисклар, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари учун сценарийлар тўпламидан иборат китоблар билан таъминланди. Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотларида тезкор штаблар шакллантирилди.

2015 йилда 1 минг 149 та оромгоҳ фаолият кўрсатиши режалаштирилгани ҳолда, амалда айни кунда  1 минг 167 та оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилди. Натижада оромгоҳлар сони ўтган йилга нисбатан қарийб 100 тага кўпайди. Улардан 208 таси стационар, 818 таси кундузги, 141 таси “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳларидир. Соғломлаштирилиши режалаштирилган болалар сони эса ўтган йилга нисбатан қарийб 10 минг нафарга ортиб, 287 минг 171 нафарни ташкил этди.

Ўтган йилларга нисбатан ихтисослаштирилган оромгоҳлар сони ҳам бир неча баробарга ортиб, жорий йилда 224 та (режа 220 та) ихтисослаштирилган оромгоҳлар фаолият кўрсатмоқда. Ўсмирларни ҳордиқ билан қамраб олиш мақсадида ташкил этилган “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳлари сони қарийб 10 тага кўпайди ва ҳудудларда 141 та шу турдаги оромгоҳлар фаолият кўрсатди.

Бугунги кунда ёзги соғломлаштириш мавсуми қизғин давом этмоқда. Айни кунга қадар оромгоҳларда 218 минг 497 нафар бола соғломлаштирилди. Бу режага нисбатан 76,1 фоизни ташкил этади.

Ҳудудларда мавсумнинг 2 ва 3 навбатлари давом этмоқда.

Оромгоҳларда болажонларнинг ҳар томонлама хавфсизлигини таъминлаш масаласи энг асосий масала сифатида доимий диққат марказида бўлиб, ҳар бир оромгоҳда ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, тиббиёт, энергетика, коммунал соҳа ходимларининг туну кун навбатчилиги ўрнатилган. Шунингдек, оромгоҳларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш мақсадида 1 минг 600 нафардан ортиқ ички ишлар идоралари ходимлари бириктирилиб, уларга хизматда фойдаланиш учун 670 та автотранспорт ва 857 та алоқа воситалари ажратиб берилган. Болалар саломатлигини мунтазам назорат қилиб бориш мақсадида оромгоҳларга 1,5 минг нафарга яқин тиббиёт ходимлари, тез тибббий ёрдам машиналари бириктирилган. Ҳар бир оромгоҳ белгиланган миқдордаги дори-дармонлар, махсус зардоб дори воситалари билан таъминланган.

Оромгоҳларга етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати қатъий назорат остига олинган. Барча оромгоҳлар зарур алоқа ва транспорт воситалари билан таъминланган. Мавсум давомида кам таъминланган оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва турли соҳаларда меҳнат қилаётган ижтимоий ҳимояталаб ходимлар фарзандларини имтиёзли соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонда олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати натижасида жорий йилда соғломлаштрилиши режелаштирилган 287 минг нафардан ортиқ боланинг барчаси имтиёзли соғломлаштирилади. Чунки, ишловчи ота-оналар ўзлари меҳнат қилаётган корхона ва ташкилотлар касаба уюшма қўмитаси орқали йўлланма нархининг 27,5 – 30 фоиз миқдоридаги қийматини тўлайдилар холос.

Юқорида тилга олинган тоифадаги оилалар фарзандларига эса бепул ва имтиёзли асосларда йўлланмалар берилмоқда. Бундай имтиёздан бу йил жамоа шартномалари орқали меҳнаткашларнинг 50 минг нафардан ортиқ фарзандлари фойдаланмоқдалар. Айни кунгача эса юқорироқ ижтимоий ҳимояталаб меҳнаткашларнинг 42 минг нафардан ортиқ фарзандлари турли ҳудудлардаги оромгоҳларда бепул ва имтиёзли дам олдирилди. 4 500 нафар Оролбўйи минтақаси, яъни, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти болаларининг бепул дам олдирилиши ташкил этилди. Мавсум бошидан буён бугунги кунга қадар 2 минг 480 нафар Оролбўйи болалари Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги корхона ва ташкилотларга қарашли энг сўлим ва баҳаво оромгоҳларда бепул дам олдирилди. Уларнинг келиб-кетиши билан боғлиқ йўл ҳаражатлари ҳам бепул ташкил этиб берилди.

Шунингдек, 2 минг 180 нафар Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари (режа 2 минг нафар), 50 нафар жисмоний имконияти чекланган болалар касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан бепул дам олдирилмоқда.

Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида бугунгача маҳаллалардаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояталаб оилаларнинг 1356 нафар (режа 600 нафар) фарзанди бепул дам олдириш ва соғломлаштириш билан қамраб олинди. Сурхондарё вилоятининг Сариосиё  ва Узун туманларидан 100 нафар боланинг Самарқанд вилоятидаги “Золотинка” оромгоҳида бепул ҳордиғи ташкил этилди.

Касаба уюшмалари тизимидаги «Чинобод», «Оқтош», «Бўстон», «Зомин» каби санаторийларда “Она ва бола” йўлланмалари асосида 1600 нафардан ортиқ (режа 2 минг нафар) болажонларнинг ота-оналари билан биргаликда соғломлаштирилиши таъминланмоқда.

Касаба уюшмалари тасарруфидаги “Қуёшли” оромгоҳида Республика “Интеллектуал ривожлантириш” оромгоҳи ташкил этилиб, унда “Билимлар беллашуви” ҳамда фан олимпиадалари ғолиблари бўлган 500 нафар бола устозлари билан биргаликда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан бепул соғломлаштирилмоқда.

Бу турдаги оромгоҳларда бир ёки бир нечта фанлар, ҳорижий тиллар чуқурлаштирилган тарзда ўрганилишига эътибор берилмоқда.Турли фанлар йўналишларида табиат қўйнида маҳорат дарслари ташкил этилиб, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, адабиёт ва санъат намоёндалари, фан арбоблари билан суҳбат ва учрашувлар ўтказилмоқда.

“Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳлари

Маълумки, болалар соғломлаштириш оромгоҳларига 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болажонлар жалб этилади. Ўсмир ёшидаги ўғил-қизларнинг ҳам мароқли ҳордиғини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари, маҳаллий ҳокимликлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказлари ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар, фермер хўжаликлари ҳамкорлигида 141 та “Меҳнат ва дам олдириш” оромгоҳлари ташкил этилди. Мазкур турдаги оромгоҳларга академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг 15-18 ёшдаги ўқувчилари жалб этилди. Уларда бугунгача 5 минг 240 нафар лицей ва коллеж ўқувчилари мазмунли хордиқ чиқариш билан бирга ижтимоий фойдали меҳнат кўникмаларини ўзлаштирдилар ҳамда танлаган касб-ҳунарлари бўйича амалиёт ўтдилар.

Ҳарбий-спорт оромгоҳлари

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида август ойидан бошлаб Касаба уюшмалари, Ички ишлар вазирлиги, “Камолот” ЁИҲ ҳамкорлигида вояга етмаганлар комиссияси ҳисобида турувчи болалар учун Ҳарбий-спорт оромгоҳлари ташкил этилади. Уларда 1684 нафар бола соғломлаштирилиши режалаштирилган. Ҳордиқ давомида улар учун педагог-психологлар иштирокида турли семинар-тренинглар, спорт мусобақалари, жисмоний чиниқиш машқларини ўз ичига олган машғулотлар ташкил этилади.

Техник ижодкорлик йўналишидаги оромгоҳлар

Республика миқёсида ташкил этилган 19 та (режа 14 та) Техник ижодкорлик оромгоҳларида 900 нафарга яқин боланинг техник ижодкорлик қобилияти ривожлантирилиб, техник моделларни конструкциялаш бўйича дастлабки кўникмалар берилмоқда. Ушбу оромгоҳларда ҳордиқ давомида болалар чизмачилик асослари билан таништирилиб, тайёр чизма ва шаблонлар ёрдамида содда моделлар ясайдилар. “Кемасозлик”, “Авиамоделизм”, “Автомоделизм” каби тўгаракларда уларгша малакали мутахассислар машғулотлар ўтмоқда.

Бадиий ижодкорлик йўналишидаги оромгоҳлар

Жорий йилда 19 та (режа 14 та) Бадиий ижодкорлик оромгоҳи ташкил этилди. Уларга  846 нафар бола жалб этилиб, мазмунли ҳордиқ чиқармоқдалар. Ушбу оромгоҳлар фаолияти болаларни ижодга қизиқтириш,  бадиий савиясини оширишга йўналтирилган.

Ижтимоий мослашув оромгоҳлари

Бугунгача республика миқёсида 13 та Ижтимоий мослашув оромгоҳи (режа 8 та) фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 1200 та бола соғломлаштирилмоқда. Бу турдаги оромгоҳларга Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, мактаб-интернатлар ўқувчилари, жисмоний имконияти чекланган болалар жалб этилмоқда. Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатлар дала ҳовлиларида ташкил этилган мазкур оромгоҳлар болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга уларда етакчилик ва фаолликни, ижтимоий мослашув кўникмаларини шакллантириш, қўшимча таълим-тарбия беришга йўналтирилган.

Кундузги оромгоҳлар

Болаларни соғломлаштириш билан қамраб олиш қўламини янада кенгайтириш мақсадида тегишли шарт-шароитлар мавжуд бўлган мактаблар, академик лицейлар ва коллежлар қошида кундузги оромгоҳлар ташкил этилди. Уларда болалар кун давомида дам олиш билан бирга маданий-маърифий тадбирлар билан қамраб олинмоқда. Маданият ва истироҳат ҳамда ҳайвонот боғларига саёҳатлар уюштирилмоқда. Жорий йилда кундузги оромгоҳлар фаолиятини такомиллаштириш, мазмунан бойитишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, кундузги оромгоҳларнинг кунлик фаолияти тажриба сифатида соат 8.00 дан 14.00 гача ёзги майдонча сифатида ташкил этилди. Бу турдаги оромгоҳларда махсус дастурлар асосида болалар учун кўнгилочар тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилиб, тўгараклар фаолият кўрсатмоқда. Болалар бир маҳал иссиқ овқат билан таъминланмоқда.

Тарбиявий ишлар сифатини ошириш

Оромгоҳларда ҳордиқ мазмуни бойитилиб, таълим-тарбия ишлари сифати оширилишига эришилди. Хусусан, оромгоҳлар фаолиятини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича олиб борилган таҳлиллар натижасида ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари учун болаларга мос қўшиқ, шеър ва мусиқаларга эҳтиёж мавжудлиги аниқланган эди. Бундан келиб чиқиб, жорий йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан бир қатор манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида Республика ижодий танлови ташкил этилди.

Мазкур танловга тақдим этилган 600 дан ортиқ ижодий ишлар орасидан танлаб олинган 30 дан зиёд қўшиқ, 100 дан ортиқ шеърлар бугун оромгоҳлардаги тарбиявий ишлар сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, оромгоҳларда миллийлик ҳамда  ватанпарварлик руҳига йўғрилган куй ва қўшиқлар, фильмлардан фойдаланиш мақсадида улар асосида барча оромгоҳлар учун болаларбоп шеър, куй ва қўшиқлардан иборат дисклар, “Ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари учун тадбирлар сценарийлари” тўпламлари ишлаб чиқилиб, дам олиш масканларига етказилди.

Махсус тайёрланган услубий қўлланмалар, тавсиялар бугунги кунда барча оромгоҳлар фаолиятини такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Болалар учун махсус яратилган 37 номдаги бадиий, ҳужжатли ва мультипликацион фильмлар намойиш этиб борилмоқда.

Оромгоҳларда 23 минг нафардан ортиқ малакали педагог кадрлар, спорт йўриқчилари, тўгарак раҳбарлари, маданият ходимлари болалар иқтидорини ривожлантириш, маънавиятини юксалтириш, улар онгига ватанпарварлик туйғуларини сингдириш йўналишидаги ишларни олиб бормоқда.

Ҳар бир оромгоҳда 10 дан ортиқ тўгараклар билан бирга чет тилларини ўргатиш бўйича махсус тўгараклар фаолияти ташкил этилди.

Оромгоҳлар моддий-техник негизини мустаҳкамлаш

Ушбу ҳужжатга мувофиқ ҳар йили Республика миқёсида50 гаяқин оромгоҳларнинг моддий-техник негизи мустаҳкамланмоқда. Юртимизда мавжуд оромгоҳларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, уларни замонавий дам олиш масканларига айлантиришга қаратилаётган юксак эътибор натижасида оромгоҳлар йилдан-йилга янгиланиб бормоқда.

Масалан, 2012 йилдан буён қабул қилинаётган Манзилли дастурлар асосида 9 та оромгоҳ янгидан қурилди, 27 та оромгоҳда реконструкция ишлари олиб борилди ва 45 та оромгоҳ капитал таъмирланди. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида «Ниҳол», Навоий вилоятида «Ишонч», Наманган вилоятида «Камалак», «Норин», Самарқандда «Чорчинор», Хоразмда «Шодлик», Қашқадарёда Мирзо Улуғбек номли, Сурхондарё вилоятида “Хонжиза” каби янги оромгоҳлар, Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан Жиззахда «Истиқлол», Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Бўстонлиқ туманида «Оқтош», «Ўзпахтасаноат» уюшмаси томонидан Жиззахда Амир Темур номли оромгоҳлар барпо этилди.

Мазкур бунёдкорлик ишлари натижасида, оромгоҳлардаги ўринлар қарийб 5 мингтага кўпайди.

2015 йилги Манзилли дастурга мувофиқ 49 та оромгоҳда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган бўлиб, шу жумладан 2 та янги оромгоҳ қурилди, 9 таси оромгоҳ реконструкция қилинди ва 24 та оромгоҳ капитал таъмирланди.

Соғломлаштириш ишларини доимий мувофиқлаштирувчи Штаб

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида ҳамда ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаларида мавсумнинг боришини доимий мувофиқлаштириб борувчи махсус Штаб фаолияти йўлга қўйилган.

Федерация Кенгаши ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар мутахассисларидан ташкил топган Ишчи гуруҳлари томонидан ҳар бир ҳудуддаги оромгоҳлар фаолиятини ўрганиш ва жойида амалий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ишчи гуруҳларининг таҳлилига асосан ҳар бир смена якуни бўйича ҳудудий Мувофиқлаштирувчи гуруҳларнинг кенгайтирилган мажлислари ўтказиб борилаётгани жойлардаги соғломлаштириш ишлари сифати ва самарадорлигини оширмоқда.