Apple компанияси 2015 йилнинг биринчи чорагида жаҳон смартфонлар бозоридаги даромаднинг 92 фоизини қўлга киритди. Бу билан компания навбатдаги молиявий рекордини ўрнатди.
Бир йил муқаддам бу кўрсаткич 65 фоизни ташкил қилган эди, Apple смартфонларининг донабай сотилиши кўрсаткичи эса жаҳон бозорида 20 фоизга тенг бўлганди.
Canaccord Genuity маркази тадқиқотчилари олиб борган ҳисоб-китобларга қараганда, иккинчи ўринда турган Samsung даромаднинг 15 фоизига эгалик қилди. Учинчи ўринда Microsoft 4 фоизлик кўрсаткич билан турибди.
Даромад ва буромад ҳисоб-китобларининг ўзига хослиги шундан иборатки, таҳлилчилар нафақат етакчиларнинг даромадини, балки ортда қолаётган ишлаб чиқарувчиларнинг зарарини ҳам ҳисоблайди. Ахир зарар кўраётган корхоналар шу йўл билан бозорни молиялаштиради. Шу боис етакчиларнинг умумий даромад ҳажми 100 фоиздан ошиқ кўрсатилиши мумкин.

Мутахассисларнинг айтишича, Apple’нинг бундай натижага эришишида iPhone 6 аппаратининг ўзига хослиги бирламчи аҳамият касб этади.
Ўз навбатида, Samsung кетма-кет еттинчи чоракда даромад тушганлигини тан олишга мажбур бўлди. Компания ўз маҳсулотига ортиқча баҳо бериб юбориб, жуда кўп Galaxy S6 смартфонларини ишлаб чиқарди.
Apple эса, аксинча, ишлаб чиқаришни ўстирмоқда. Компания йил сўнгига қадар 85-90 млн смартфонни бозорга чиқаршин режалаштирмоқда. iPhone’нинг асосий ишлаб чиқарувчиси, Foxconn компанияси Чжэнчжоудаги энг йирик заводига янги ишчилар олишни бошлаб юборди. Янги iPhone 6S смартфонлари шу йилнинг кузида тақдим этилиб, августдан ишлаб чиқарила бошланади.
Бошқа ишлаб чиқарувчилар етакчиларга етиб олиш учун турли стратегияларни кўздан кечирмоқда. Жумладан, Lenovo Google’нинг мобил бўлинмаси Motorola Mobility’ни сотиб олиб, олти чорак давомида уни фойдага олиб чиқишга интилмоқда. Xiaomi ва Microsoft эса смартфонлар сотилганидан сўнг пуллик хизматлардан даромад кўриш стратегиясини қўлламоқда.