Автомактабда ўқиётган қиз инструкторнинг тегажоғлигидан норозилик билдирди

Ўзбекистон 14 Июль 2015 12222

Тошкентдаги автомактаблардан бирида ўқиётган қиз машина ҳайдашни ўргатаётган инструкторнинг унга тегажоғлик қилаётганидан норозилигини билдирди. Унинг мактуби бир қатор онлайн нашрларда эълон қилинди.

Матнда айтилишича, қиз ўтган йили коллежни битириб, туристик фирмага котиба бўлиб ишга жойлашган. У пул жамлаб, автомактабга ўқишга кирган.

Таъкидланишича, номи келтирилмаган қиз дарсларда фаол иштирок эта борган ва ўзлаштириш даражаси юқори бўлган. Аммо амалиётга чиққанда машина ҳайдашни ўргатувчи инструктор унга ножўя хатти-ҳаракатлар қила бошлаган. У қизни ҳайдашга олиб чиққанда бошқа ўқувчиларни бирга олмасликка ҳаракат қилган, ёлғиз қолганларида эса ножўя гаплар айтган.

Бир сафар у қизга уйга олиб бориб қўйишни, яна бир сафар эса бирга тушлик қилишни таклиф қилган. Бошқа ҳолларда эса унга “тасодифан” тегиб кетишга ҳаракат қилган. Қизнинг бошқа инструктор билан ишлаш талаби қондирилмаган.

Ниҳоят, бир сафар инструктор қизга таҳдид қилиб, бошқа унинг устидан арз қилмасликни айтган. Унинг ҳаракатларидан чўчиган қиз машина светофорда тўхтаганида эшикни очиб, чиқиб кетган. Қиз милицияга етиб боргунига қадар машина кетиб бўлган. Автомактаб директорига мурожаат қилинганида эса у далилларсиз ҳеч нарса қила олмаслигини айтган.

“Нима қилай? Имтиҳонгача оз вақт қолди, автомактабга бундай воқеадан кейин қандай бораман?”, – деган сўзлар билан ўз мактубини якунлайди жабрдийда қиз.

Кўпроқ янгиликлар