13 июль куни Москва шаҳридаги "Олимпийский" номли спорт мажмуасида мукофот жамғармаси 1,05 млн долларга тенг бўлган қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионати бошланди. Чемпионат 19 июль кунига қадар давом этади.

Халқаро қиличбозлик федерацияси шафелигида ўтказиладиган мазкур нуфузли мусобақада дунёнинг бугунги кундаги энг маҳоратли қиличбозлари шпага, рапира ва шамшир бўйича бўлиб ўтадиган шахсий ҳамда жамоавий баҳсларда 12 комплект медаллар учун кураш олиб боришади.

Чемпионлик ўринлари учун дунёнинг 108 мамлакатидан келадиган 912 нафар спортчи ўртасида кураш кечади.

Ушбу жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини Руслан Кудаев, Роман Александров, Олег Соколов ва Алексей Тишко шпага беллашувларида, Гулмира Зияева эса рапира бўйича ўтказиладиган мусобақаларда ҳимоя қилади.

Маълумот учун. Халқаро қиличбозлик федерацияси шафелигида дастлабки халқаро турнир 1921 йили Париж шаҳри (Франция)да ўтказилган. Бу ва кейинги турнирлар ҳам унда асосан Европа давлатлари вакиллари иштирок этганлиги боис Европа мусобақалари сифатида номланиб келинган. 1937 йилда Халқаро қиличбозлик федерацияси мазкур мусобақага жаҳон чемпионати мақомини берган ва бунга қадар бўлиб ўтган мусобақаларни ҳам дунё биринчилиги сифатида тан олган.

Жаҳон чемпионатлари Олимпиада ўйинлари ўтказиладиган йиллардан бошқа ҳар йили ўтказилиб келинади. Жумладан, шпага бўйича эркаклар ўртасидаги мусобақалар 1921 йилдан, шамширда 1922 йилдан ва ниҳоят рапирада 1926 йилдан ўтказилиб келинади. Аёллар ўртасида рапира бўйича мусобақалар 1929 йилдан, шпагада 1989 йилдан, шамшир бўйича эса 1999 йилдан бошлаб ўтказилади.

Эркаклар ўртасида жамоавий мусобақалар рапирада 1929 йилдан, шамшир ва шпагада эса 1930 йилдан бошлаб ўтказилиб келинади. Хотин-қизлар ўртасида эса рапира бўйича жамоавий баҳслар 1932 йилдан, шпага бўйича 1989 йилдан ва ниҳоят шамшир бўйича жамоавий баҳслар 1999 йилдан ўтказилади.