15 июль куни Колумбиянинг Кали шаҳрида енгил атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати бошланади. Бу мусоқабаларда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этади. Жамоа таркибига бу мусобақаларда иштирок этишга имкон берадиган меъёрларни бажарган 7 нафар спортчи киритилди. Мусобақалар денгиз сатҳидан 1000 метр баландликда жойлашган стадионда ўтказилади ва йилнинг бу вақтида Колумбияда ҳаво иссиқ бўлади.

Ўзбекистон Енгил атлетика федерациясининг маълум қилишича, спортчиларимиздан биринчи бўлиб Шохрух Баратов 15 июль куни тўсиқлар билан 400 метрга югуриш мусобақаларида иштирокини бошлайди.

17 июль куни Жалолиддин Ҳамроқулов ва Анна Шиманис 200 метрга югуриш, Виктория Дирдина уч ҳаккалаб сакраш мусобақаларида иштирок этишади.

18 июлда Владислав Палюнин найза улоқтириш мусобақаларида иштирок этади.

4х400 метрга қизлар ва ўғил болалар аралаш эстафетасида Анжела Белова, Эльвира Газизова, Шохрух Баратов ва Жалолиддин Ҳамроқулов иштирок этишади.

Ушбу мусобақаларнинг ўтказилишини 16-18 июль кунлари соат 12.00-14.00 да ва 19 июлда соат 12.00-14.00 ва 00.30-4.45 ларда (жонли эфир) Евроспорт-2 телеканали орқали кузатиш мумкин.