Россия президенти Владимир Путин офшор компанияларидан давлат харидларини амалга оширишни тақиқлаш ҳақидаги қонунни имзолади. Ҳужжат ҳуқуқий ахборот порталида чоп этилган.

Давлат харидларини амалга ошириш учун тендерларда қатнашувчи даъвогарлар харидларни амалга ошириш комиссияси томонидан текширилади. Агар комиссия компания офшор ҳудудларга тегишли эканлигини аниқласа, бу компаниянинг тендерда иштирок этиш учун аризаси рад этилади.

Ҳужжатга берилган изоҳда бу қонун лойиҳаси маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва импорт ўрнини босиш учун қўшимча рағбатларни яратиш ҳамда Россия иқтисодиётини офшорсизлаштиришга қаратилганлиги айтилган.

Қонун лойиҳаси билан давлат харидини бир етказиб берувчи орқали амалга ошириш зарурлиги белгилаб қўйилган. Бундай чекловлар таълим муассасалари ва кутубхоналарга нисбатан киритилмоқда. Гап хорижий маълумотлар ва манбаларга йўллаш ҳуқуқини сотиб олиш ҳақида кетмоқда

Аввалроқ собиқ молия вазири Алексей Кудрин офшорсизлаштириш ҳақидаги қонун иқтисодий ўсишга ёрдам бермай, фақатгина текширувлар сонини кўпайтириши ҳақидаги фикрни билдирган эди.