14 июль куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Эрон ядровий дастури бўйича музокаралар ўтказилган Венадан Тошкентга ишчи сафар билан етиб келди, деб хабар берди Газета.уз нашри.

Ишчи сафар доирасида Лавров 15 июль куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан қабул қилинади ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан музокаралар ўтказади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, ушбу сафар “дунёдаги ва Марказий Осиёдаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим омил бўлиб ҳисобланувчи Россия-Ўзбекистон суҳбатининг чуқурлашишига кўмак беришга” қаратилган.

Икки давлат ташқи ишлар вазирлари ташқи сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг кенг доирадаги масалаларини муҳокама қиладилар.

Абдулазиз Комилов ва Сергей Лавров кун тартибидаги халқаро ва минтақавий долзарб мавзулар бўйича фикрлар алмашадилар. Бунда МДҲ, ШҲТ ва БМТ каби ташкилотлар доирасида биргаликдаги ҳаракатлар, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши, террорчилик ва экстремизмнинг тарқалишига қарши курашиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилмоқда.