17-19 июль кунлари Тошкентда Дэвис Кубоги иккинчи раундининг Осиё ва Океания минтақаси биринчи гуруҳи доирасида Ўзбекистон ва Корея терма жамоалари ўртасидаги баҳслар бўлиб ўтади.

Ўзбекистон теннис федарациясининг хабар қилишича, ғолиб жамоа Жаҳон лигасига чиқиш ўйинида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Халқаро жамоа турнири доирасида Ўзбекистон ва Корея беш марта учрашган. Ўзбекистон 4:1 ҳисоби билан олдинда бормоқда. Охирги баҳс 2010 йили Корея кортларида ўтказилган бўлиб, унда ўзбекистонлик спортчилар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Ушбу мавсумда Ўзбекистон термаси биринчи турни ўтказиб юборди. Кореялик теннисчилар эса Таиландда меҳмон бўлиб, маҳаллий жамоани 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратишди.

Қуръа ташлаш маросими 16 июль куни бўлиб ўтади. Ўйинлар Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортларида ўтказилади.