Яқинда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонандалар Анвар Собиров, Лола, Тамила ва Ягонанинг лицензиялари тугатилганлигини эълон қилди. Бу санъат мухлислари ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Лицензиялаш бўлими бошлиғи Одилжон Қаҳҳоров sayyod.com сайтига берган интервьюда ушбу воқеаларни изоҳлаб ўтди.

“Лола охирги пайт хаддан ташқари миллий менталитетимизга тўғри келмайдиган кийимларни кийиши ва уни яна оммага кўрсатиши, ёшларга реклама қилиб худдики тарғиб қилаётгандек бўлмоқда. Вахоланки бир неча маротаба бирлашма тарафидан у огохлантирилганди. Шунга қарамасдан у қайта такрорлагани ва нафақат кийими балки ижтимоий тармоқларда қўяётган ўзини суратлари ёшларга шарм хаё, ибо ва уят борасида салбий таъсири кузатилади ва буни унинг изохларидаги халқнинг эътирозларидан хам кўриш мумкин”, – деди Қаҳҳоров мулоқот чоғида.

Анвар Собировнинг лицензияси олиб қўйилишига сабаб сифатида унинг тадбирларда иштирок этмагани сабаб бўлган: “Хабарингиз бор вилоятлар бўйлаб маънавият дарслари ўтмоқда. Ёз бўйи санъаткорлар вилоятларга чиқиб ушбу дарсларда қатнашиб ёшлар билан учрашмоқда. Ёшларга машхурларнинг таъсири ва ўрнак бўлишидаги самара хақида ўзингиз биласиз, аксарият ёшлар машхурларга тақлид билан ёки намуна билиб эргашади шу сабаб хам таниқлилар ёрдамида шундай тадбирлар ўтказилди. Хукумат қарорига асосан хар ой санъат оламига маънавият дарси ўтилади. Ёшларга етказилиши керак бўлган мавзулар, бўлаётган воқеалар асосида оммага хабарлар етказиш деймизми, хуллас маънавият тарғиботи борасидаги дарсларга қатнашмаганлиги учун Анвар Собировга шундай чора кўрилди”.

Яна иккита аёл хонанда – Тамила ва Ягона, “бемаза”ликдан ташқари, худди шундай тадбирларда қатнашмаганликда айбланди: “Тамила хам бир неча бора огохлантирилишига қарамасдан учта клип шунақанги бемаза ... Ёдингизда бўлса интернет оламидан хам шулардан бири олинганди. У хам маънавият дарсларида кўринмади. Ягона хам вилоятлардаги бир икки учрашувларга чақирилганида бахона қилиб бормади. Тошкентдаги мажлис бўлганида Рўза пайти хаммаси бўш пайти бўлган давр бўлса хам келмади”.