2020 йилга қадар “Ўзфармсаноат” 56.2 млн долларга 12та янги ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Лойиҳалар 2015-2019 йилларда структур ўзгаришларни таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш бўйича чора-тадбирлар дастурига киритилган.

Дастур фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кескин ошириш ҳамда таклиф қилинаётган маҳсулотлар номини кўпайтиришни кўзда тутади. Дори воситалари нафақат жаҳоннинг етакчи компаниялари патентлари ва лицензилари, балки маҳаллий тиббий ишланмалар асосида ҳам ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.
Лойиҳалар компания корхоналарининг ўз маблағлари (16.6 млн доллар), маҳаллий тижорий банклар (34.1 млн доллар) ва хорижий инвестициялар ва кредитлар (5.5 млн доллар) ҳисобига молиялаштирилади.
Энг йирик лойиҳа қиймати 10.7 млн доллар бўлиб, у 2015-2016 йилларда Pharm Product МЧЖда турли дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни назарда тутади.