2015 йилнинг 10 июль куни Андижон шаҳрида “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки вилоят филиалининг янги биноси очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда банк расмий сайтида маълум қилинди. Тадбирда турли давлат ва жамоат ташкилотлар вакиллари, банк мутасаддилари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш борасида молия муассасалари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами ниҳояда кенг. Бу борада “Микрокредитбанк” АТБ томонидан халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ишлар мисол бўла олади. 

Бугунги кунда банк тармоғи, 85 та филиал ва 140 та минибанклар республикамизнинг барча минтақаларидаги жумладан, энг чекка ҳудудлардаги аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банк хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтирди ва банк мижозлари сони қарийб 290 мингтани ташкил этмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, банк фаолият кўламини энг аввало юртимиз аҳолисини барча турдаги банк хизматлари билан қўллаб-қувватлашга қаратди. Натижада банк ўзининг барча турдаги хизматлари билан республикамизнинг энг олис ҳудудларигача кириб борди. 

Бунинг самараси ўлароқ, биргина жорий йил бошидан буён банкнинг барча молиялаш манбалари ҳисобидан Республикамизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 432,2 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди. 
Бунда асосий эътибор тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилиб, аҳолининг меҳнатга лаёҳатли қатламини, шу жумладан, хотин-қизларни, ёшлар, коллеж битирувчиларини тадбиркорлик соҳасига жалб қилиш, иш билан таъминлаш борасида қатор тадбирлар амалга оширилди. 

Банк томонидан ёшларни тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш дастурида фаол иштирок этиб, коллеж битирувчиларини кичик бизнесга жалб этиш борасида ҳам кенг кўламли ишларни амалга оширилди ва уларга 23,2 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди.Шунингдек, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга қарийб 45,5 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

Бу борадаги кўрсаткичларни банкнинг Андижон вилоят филиали фаолияти миқиёсида таҳлил қиладиган бўлсак, йилнинг ўтган олти ойи мабайнида банк томонидан кичик-бизнесни қўллаб-қувватлашга ажратилган кредитлар ҳажми 34,3 млрд. сўмни ташкил этди. Шунингдек, вилоятда хотин-қизлар тадбиркорлигига 5,3 млрд. сўм, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес фаолиятини ривожлантиришга 3 млрд. сўмдан зийод кредит маблағлари йўналтирилди.

Мазкур тадбирда ҳам ўн нафар коллеж битирувчиларига банкдан имтиёзли сармоя олиш имконини берувчи махсус сертификатлари тақдим этилди.