"Манчестер Юнайтед"нинг аргентиналик ярим ҳимоячиси Анхель Ди Мария фаолиятини Францияда давом эттириши ойдинлашмоқда.

Goal.com нашрида ёзилишича, машҳур футбол агенти Жорже Мендеш ушбу 27 ёшли футболчининг "ПСЖ" жамоасига ўтиши бўйича берилган таклифни муҳокама қилиш учун Парижда бўлиб турибди.

Манбанинг маълум қилишича, ушбу жараёнда қатнашиш учун Франция пойтахтига "МЮ" жамоаси раҳбарияти аъзолари ҳам етиб келишган.

Қайд этилишича, бу трансфер доирасида уругвайлик ҳужумчи Эдинсон Каванининг Ди Мария ўрнига "МЮ"га ўтиши масаласи ҳам кўриб чиқилади.

Бироз олдинроқ, Ди Мария "ПСЖ"га 60 млн евро эвазига трансфер қилиниб, у билан парижликлар 5 йиллик шартнома имзолаши хабар қилинганди.