Ўзбекистонга Жанубий Кореянинг Фан ва технология университети (University of Science&Technology, UST) делегацияси ташриф буюрди. Делегацияга университет президенти Ли Ун Ву бошчилик қилмоқда.
Ташриф доирасида 14 июль куни Тошкентдаги Lotte City Hotel меҳмонхонасида журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда меҳмонлар мухбирларни қизиқтирувчи саволларга жавоб берди.
Тадбирда таъкидланишича, 2003 йили ташкил этилган университет қисқа муддатда ўз давлатининг етакчи олийгоҳларидан бирига айлана олган. Университетнинг бош офиси Жаэжон шаҳрида, филиаллари эса Сеул, Сувон, Ансан ва Сеонгамда жойлашган. Олийгоҳда икки йиллик магистрлик дастурлари мавжуд. Уни битирганлар таълимни PhD босқичида давом эттириши мумкин бўлади.
Айни пайтда олийгоҳда мингдан ортиқ талаба таҳсил кўрмоқда. Уларнинг учдан бир қисми чет эл фуқароларидир.
“Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюсида университет президенти ўзбекистонлик ёшларни университетда таълим олишга таклиф қилди.
“Биз ўз талабаларимиз ичида Ўзбекистон вакилларини ҳам кўришдан хурсанд бўламиз”, – таъкидлади у.