2012 йилнинг ноябридан бери Россия Спорт вазири Виталий Мутконинг маслаҳатчиси сифатида ишлаб келган аралаш жанг санъатлари устаси Федор Емельяненко истеъфо берди.
Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати бошлиғи Людмила Деревянко маълум қилган.

Спортчининг мураббийи Владимир Вороновнинг ТАСС наширга хабар қилишича, Емельяненко яхши жисмоний ҳолатда ва у жангларда иштирок этишга тайёр.

"Федор яхши спорт формасини сақлаб қолган. У ўз фаолиятида янги ютуқларни қўлга киритиш учун рингларга кўтарилишга тайёр ҳолатда. Унинг жароҳатлари бутунлай тузалган", дейди мураббий.

Емельяненконинг айнан қачон жангларда иштирок эта бошлашига аниқлик киритилмаган.

Хабарларга кўра, унинг қайтишидаги илк жанглар бразилиялик Фабрисио Вердумга қарши ўтказилиши мумкин.