Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги хабар бермоқда.

Ўзбекистон раҳбари Лавровнинг ташрифи учун миннатдорчилик билдириб, Уфада бўлиб ўтган ШҲТ саммитининг муҳим аҳамиятини яна бир бора таъкидлаб ўтди.
“Россия ҳам, Ўзбекистон ҳам, яқинда бўлиб ўтган воқеалар, яъни Уфада ўтказилган ШҲТ саммитидаги иштирокимиз таассуротлари остидамиз”, – деди у.

Шунингдек, Ислом Каримов саммит доирасида россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан бўлиб ўтган учрашувнинг аҳамиятини таъкидлаб ўтди: “Қайд этиб ўтмоқчиманки, Ўзбекистон делегацияси президент томонидан қабул қилинди. Бўлиб ўтган фикр алмашиш узоқ давом этмаган бўлса-да, менда чуқур таассурот қолдирди”.