Голливуднинг машҳур актёри Леонардо Ди Каприо экология жамиятига Африка қитъасида ва Амазонка дарёси ҳавзасидаги тропик ўрмонлар муҳофазаси учун 15 млн доллар миқдоридаги хайрия маблағини берди. Бу ҳақда NBC телеканали хабар қилган.

Бу маблағлар Amazon Watch, Save The Elephants, Tree People ва World Wildlife Fund номли жамғармаларга йўналтирилади.

"Сайёрамиз иқлимининг бузилиши шундай суръатларда давом этмоқдаки, биз энди буни яшира олмаймиз. Биз келажак авлодга Ер сайёрасини яшаш учун яроқли ҳолда етказиб беришга масъулмиз", дейди Ди Каприо.

Маълумот учун, ушбу актёр 1998 йилда Leonardo DiCaprio Foundation номли жамғарма ташкил этган. Бу жамғарманинг мақсади атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш ҳисобланади. Айни вақтда бу ташкилот дунёнинг 40та мамлакатида фаолият кўрсатади.

Шу йилнинг сентябрь ойида Леонардо Ди Каприо БМТнинг иқлим масалалари бўйича элчиси этиб тайинланиши кутилмоқда.