Остона шаҳридаги Ҳазрат Султон марказий масжидига 13 июлдан 14 июлга ўтар кечаси, Лайлат ул-қадр тунида 20 минг киши ташриф буюрди. Бу ҳақда Nur.kz сайти хабар бермоқда.

Таъкидланишича, ташрифчиларнинг катта қисмини ёшлар ташкил этган. Айримлар оиласининг соғлиғи ва бахти учун дуо қилиш мақсадида ёш болаларини ҳам олиб келди.
Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси бўлим бошлиғи Олтинбек Утисхонўғли ушбу куннинг бутун дунё мусулмонлари учун нақадар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

“Одамлар асосан халқ бирлигини ва мамлакат тинчлигини сақлаш ҳақида дуо қиладилар. Ёки ўз гуноҳлари учун кечирим сўрайдилар. Ёшлар олийгоҳларга киришда ва таълим олишда ёрдам сўраб илтижо қилади. Кўплар ота-онасининг соғлиғига ёки фарзанд ато этишни сўраб дуо қилади. Бу оқшом масжидга кўп одам келди. Кимдир намоз ўқишни билади, кимдир билмайди. Кимдир ҳеч қачон масжидда бўлмаган ва бу ерга биринчи марта келиши. Биз намозни адо этиш, масжидни кўздан кечириш ва динга яқинлашиш учун барча шароитларни яратдик”, – деди у интервью чоғида.

Шунингдек, Утисхонўғли йилдан йилга масжидга келувчи ёшлар сонининг ошиб бораётганидан мамнун эканлигини яширмади:
“Қозоқларда бир мақол бор – Худодан қўрқма, Худодан қўрқмагандан қўрқ. Бошқача айтганда, Аллоҳга ишонган ёшлар аборт қилдирмайди, жиноят содир этмайди, ота-онасини қариялар уйига топширмайди, боласини ташлаб кетмайди, ватани ва халқига хизмат қилади”.

“Масжидлар сони ортиб бормоқда. Бу нафақат дин вакиллари олиб бораётган ишлар меваси, балки аҳолининг руҳий камолити натижасидир”, – хулоса қилди Утисхонўғли.