Этник нафратни қўзғатишда айбланиб қамоққа олинган қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, асли ўзбек бўлган Азимжон Асқаровнинг Давлат департаменти томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” мукофоти билан тақдирланиши Қирғизистон ташқи ишлар вазирлигининг норозилигига сабаб бўлди.
Вазирликнинг бу борадаги баёнотида АҚШ мамлакатдаги этник тотувлик ва мувозанатни бузишга ҳаракат қилганликда айбланди.
“Асқаров барча суд инстанциялари томонидан республикада этник нафратни қўзғатишда, оммавий тартибсизликлар уюштириш, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимини ўлдиришда иштирок этишда айбланган эди”, – эслатиб ўтди идора вакиллари. Шу боис, уларнинг фикрича, Асқаровнинг фаолияти тинчликпарвар сифатида баҳоланиши мумкин эмас.
“Шу боис Асқаровнинг бундай олий мукофот билан тақдирланиши республика томонидан мамлакатимиздаги этник тотувликни бузишга қаратилган ҳаракат сифатида баҳоланади”, – хулоса қилинади баёнотда.
Таъкидланишича, мамлакатда ҳуқуқ ҳимояси фаолияти тақиқланмаган ва ҳатто давлат томонидан қўллаб-қувватланади.
2010 йилнинг июнь ойида Қирғизистонда ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида содир бўлган этник тўқнашувларда, расмий маълумотларга қараганда, 500 киши ҳалок бўлди, 2 минг киши яраланди. Республиканинг ўзбек жамоаси вакили бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва журналист Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятида этник ўзбекларга қарши содир этилаётган жиноятларни ҳужжатлаштираётган пайтда қўлга олиниб, қамоққа ташланди. Суд уни оммавий тартибсизликларни уюштиришда, этник нафрат қўзғатишда ҳамда милиция ходими Миқтибек Сулаймоновни ўлдиришда қатнашганликда айблаб умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.
Кеча АҚШ давлат департаменти Асқаровни “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” мукофоти билан тақдирлади. Айни пайтда 47-колонияда жазони ўтаётган Азимжон Асқаров ўрнига мукофотни унинг ўғли Шерзод қабул қилиб олади.