Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида истиқомат қилувчи Фатҳулло Зиёевнинг уйига талончилар бостириб кириб, катта миқдордаги пулларни ўғирлаб кетди. Воқеа тафсилотлари “На посту” газетасида ёритилди.
Айтилишича, уч нафар жиноятчи тунги соат 2:00да Зиёевлар хонадонига бостириб кириб, оила раҳбарига пичоқ билан таҳдид қилган. Эркак уларга сейфда сақлаб келган бойликларини беришга мажбур қолган. Жиноятчилар 40 млн сўм ва 70 минг доллар, шунингдек, янги Vertu ва iPhone смартфонларини олиб чиқиб кетишган. Улар кетиши билан Зиёев дарҳол 102га қўнғироқ қилган.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида жиноятчилар гуруҳи қўлга олинган. Аниқланишича, тўда раҳбари илгари кўп бора судланган Дилшод Козимов хавфли рецидивист ҳисобланади. Ўктам Жўраев ва Зоҳид Ўрмоновлар унга шериклик қилган. Ўғирланган пуллар ва қимматликлар Козимовнинг уйидан топилган. Воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилган.