Теннис бўйича “Катта Дубулға” туркумига кирувчи тўртта турнирнинг сўнггиси –US Open, яъни АҚШ Очиқ чемпионатининг мукофот жамғармаси илк бор 40 миллион доллардан ошди. Аниқроғи, бу йилги мусобақа мукофот фонди 42,3 миллион долларни ташкил этади. Бу ўтган йил билан таққослаганда 10,5 фоиз кўп демакдир.

Жорий йилги US Open турнири 31 август куни Нью-Йорк шаҳрида старт олади.

Сўнгги уч йил ичида US Open турнирининг соврин жамғармаси 67 фоизга кўпайган. Яккалик баҳсларида ғолибликни қўлга киритган теннисчилар 3,3 миллион долларга эга бўлишади. Ўтган йили бу сумма 3 миллион долларни ташкил қилганди.

Финалга етиб келган теннисчилар эса ўйиндан олдин 1,6 миллион долларни нақд қилишади. Биринчи даврада иштирок этган теннисчиларнинг барчаси эса кўрсатган натижасидан қатъи назар 39 500 долларга эга чиқишади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бу йил ўтказилган “Катта Дубулға”нинг қолган учта турнирида мукофот жамғармаси АҚШдагидан камроқни ташкил этган. Австралия Очиқ чемпионати ғолиблари 2,5 миллион, “Ролан Гаррос” чемпионлари 2 миллион, “Уимблдон” ғолиблари эса 2,9 миллион доллар мукофот пулини қўлга киритишган.