2015 йилнинг 16 июль кунида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари кўриб чиқилди ҳамда қабул қилинган 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурларини амалга ошириш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Маълум қилинишича, биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8,1 фоизни ташкил этди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 8,1 фоизга ўсди. Экспорт ҳажмларининг 7,4 фоизга ўсиши ва ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси таъминланди. Давлат бюджети профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ортиқ бўлмади.

Шунингдек, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларининг 13,5 фоизга, чакана товар айланмасининг 14,8 фоизга ва хизматларнинг 13,1 фоизга ўсишини таъминлади.

Аҳоли бандлиги масалаларини ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида 441,8 мингта янги иш ўрни, улардан 274,9 минг иш ўрни ёки 62,2 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилди.

Қайд этиб ўтилишича, кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар фақат биринчи ярим йилликнинг ўзидагина 15,2 мингта янги кичик бизнес субъектларини ташкил этишга кўмаклашди, бу 2014 йилнинг шу давридагидан 6,3 фоиз кўп ҳисобланади.

Кичик бизнес субъектларига 6,4 триллион сўм ёки ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 баравар кўп банк кредитлари ажратилди.

Фаол инвестиция сиёсатини ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш чора-тадбирларини амалга оширишни давом эттириш, инфратузилмани ривожлантириш ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 9,8 фоизга, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 10,9 фоизга ўсишини таъминлади. 2015 йилги Инвестиция дастури доирасида 63 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тугалланди. 1866 та ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг 585 та янги турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Инвестиция жараёнларининг фаоллашуви пудрат қурилиш ишлари ҳажмининг 18 фоизга ўсишига кўмаклашди.