Эронга нисбатан 10 йил давомида енгиллаштирилган санкциялар қўлланади

Жаҳон 16 Июль 2015 1314

БМТ Хавфсизлик кенгашининг Эрон бўйича резолюцияси лойиҳаси барча санкцияларнинг 10 йилдан кейин бекор қилинишини кўзда тутади. Бу давр ичида мамлакат Венада эришилган келишувга қай даражада риоя қилиши текшириб борилади. Бу резолюция лойиҳасининг ТАСС агентлигига тақдим этилган нусхасидан маълум бўлди.

Ҳужжатга кўра, МАГАТЭнинг Эрон томонидан келишувнинг барча шартлари амалга оширилгани ҳақидаги ҳисоботнинг берилиши билан ядровий дастур бўйича Хавфсизлик кенгаши қабул қилган барча қарорлар кучини йўқотади. Шу билан бирга, Эронга технологиялар, асбоб-ускуна ва ҳарбий техника тақдим этишга имкон туғдирадиган янги, енгиллаштирилган чекловлар кучга киради. Бундан ташқари, ядровий дастур ва кемасозлик билан боғлиқ 30 киши молиявий чекловлар рўйхатидан чиқарилади.

Орадан 10 йил ўтиб, ушбу резолюциянинг барча ҳолатлари амалдан чиқарилади. Хавфсизлик кенгаши ядровий дастурни кўриб чиқишни тугатади ва шундан сўнг ядровий қурол тарқатмаслик кенгаш компетенциясидаги масалалар рўйхатидан чиқарилади.

Кўпроқ янгиликлар