Ҳиндистон шимоли-шарқида жойлашган Ассам штатида кучли тошқиндан кейин 65 мингдан зиёдроқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.

Бу ҳақда Ассам штати табиий офатлар билан курашиш бошқармаси ҳисоботида айтилмоқда.

“8 кундан бери тинмаётган экстремал даражадаги жалалар оқибатида Дхемажи, Лакхимпур ва Сонтипур туманларида 160 дан ортиқ қишлоқ сув остида қолди. Бу тумандаги 65 мингдан кўпроқ аҳоли ўз уйларини тарк этиб, хавфсиз жойларда бошпана топишга мажбур бўлмоқдалар”, деб айтилмоқда ҳисоботда.

Эвакуация қилинган аҳоли штат ҳокимияти томонидан ташкил этилган вақтинчалик лагерларга жойлаштирилдилар. Ҳозирдаёқ ҳудудга етказилган зиён камида 450 минг долларга баҳоланмоқда. Зарарлар миқдори ошиши айтилмоқда, чунки тошқин оқибатида бир қатор ҳудудларда бўлғуси ҳосил тўлиқ нобуд бўлган. 1600 гектар экин майдонлари, 5 та йирик автомагистраль сув остида қолган, умумий узунлиги 15 км дан кўпроқ темир йўл изи ювилиб кетган.

Маҳаллий метеологларнинг прогнозларига кўра, яқин кунларда Ассам штатидаги кучли жалалар тўхтамайди. Шу муносабат билан табиий офат оқибатларини бартараф этиш хизматлари қутқарув гуруҳлари ва жавоб бериш миллий кучлари юқори тайёргарлик ҳолатига келтирилган.