Ўзбекистонда ўрта-махсус билим юртини битирибоқ уйланган йигитлар ва турмушга чиқаётган қизлар танқид остига олинди. Бу ҳақда мақола «Оила даврасида» газетасида чоп этилган.

«Оила қанчалик муқаддас эканини билмайдиган ёки у ҳақда тўлиқ тасаввурга эга бўлмаган ёшлар ҳали улғаймасдан аччиқ қисмат домига тушиб қолаётгани нақадар ачинарли. Афсуски, ёшларнинг бундай аҳволга тушишларига баъзан ўз ота-онаси ва яқинлари сабабчи бўлмоқда. Улар фарзанди ёш бўлишига қарамасдан уни узатиш, уйлантириш ҳаракатига тушиб қолишади. Ҳали оғзидан она сути кетмаган ёшларнинг зиммасига оила деган муқаддас ва ўта масъулиятли бурчни юклайди. Коллежни эндигина тамомлаб, олий ўқув юртида ўқишни ният қилиб турган йигит қайсидир қариндошининг қизига совчи келаётгани учунгина (ўша қиздан қуруқ қолиб кетмаслик илинжида) бўйнига «олахуржун»ни осишга мажбур этилишини қандай изоҳлаш мумкин?», деб ёзилади мақолада.

Шунингдек мақолада яқин қариндошлар ўртасида қайд қилинаётган никоҳлар ҳам кескин танқид остига олиб ўтилган. «Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида яқин қариндошлар билан қуда-андачилик ришталарини боғлайдиганлар йўқ эмас. Бу билан ўз фарзандимиз орзу-умидларини ҳою ҳавасларимизга алмаштириб юборамиз. Ахир, оила севги-муҳаббат, ишонч асосида барпо этилмайдими? Қариндошчилик алоқаларини бошқа йўл билан мустаҳкамласа бўлмайдими? Ахир, фарзанд қайсидир манфаат йўлида қурбон қилинадиган бир буюм эмас-ку. Ёшларнинг ҳам ўз мустақил фикри, орзу-ҳаваслари борлигини наҳот инкор эта олсак?!», деб алоҳида таъкидланади.