Snapchat мессенжери ўзининг 5 дақиқалик сюжетларидан бирини барча мусулмонлар учун энг муқаддас қадамжо ҳисобланган Макка шаҳридан олиб бериладиган трансляциялар учун бағишлади. Мусулмонлар ушбу хизматга Твиттер орқали ўз миннатдорчиликларини билдиришди. Бу ҳақда Time нашри хабар бермоқда.

Охирги кунларда фойдаланувчилар твиттерда #mecca_live хештеги билан 112 мингта твит ёзишди ва уларда Snapchat`га мусулмонларнинг Маккага зиёратларини трансляция қилгани учун миннатдорчилик билдирилди. Хизматнинг муҳаррирлари томонидан танлаб олинган фойдаланувчилар томонидан олинган видеолар Саудия Арабистонидаги ғайридинлар учун кириш тақиқланган шаҳар ичига назар солиш имкониятини берди.

Жонли трансляцияда нафақат Макка марказининг юқоридан олинган лавҳалари, балки шаҳарликларнинг ҳаётларидан, мисол учун, мусулмонлар қандай рўза тутаётганлари, ифторлик қилаётганлари, намоз ўқиётганлари каби лавҳаларни намойиш қилинди.

Al Jazeera телеканалининг хабар беришича, мусулмон фойдаланувчилар Snapchat`га Маккадаги ҳар йили амалга ошириладиган зиёратларни ижобий кўринишда тақдим қилгани ва гап ислом ҳақида кетганда далилларни салбий кўрсатиш ёндашувини ўзгартирганлари учун миннатдорчилик билдиришди.

Snapchat`даги ҳар бир трансляция роппа-роса 5 дақиқа давом этади ва фойдаланувчилар бу вақт давомида шаҳарнинг ёки алоҳида одамларнинг ҳаётидаги воқеалар ҳақида фотосуратлар ва қисқа видеоларни томоша қилишлари мумкин бўлади. Ҳар куни муҳаррирлар жамоаси, уларнинг фикрича, энг аҳамиятли бўлган бир нечта воқеаларни танлаб олиб, ушбу мавзу бўйича фотосуратлар жамланмаси ва қисқа видеороликларни тузиб чиқишади. Воқеалар чоп этилгандан кейин 24 соатдан кейин ўчиб кетади. “Чунки бугунги янгиликлар эртасига тарих бўлиб қолади”, деб айтмоқдалар хизмат вакиллари.

Маккадан олиб кўрсатилган трансляциялар вақти сифатида 14 июль ёки Рамазон ойининг 27-кечаси, яъни Лайлатул қадр кечаси бежизга танлангани йўқ, чунки айнан шу куни Жаброил алайҳиссалом пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)га Қуръоннинг биринчи оятини нозил этган.

Ҳар йили Маккани 100 млн нафарга яқин мусулмон зиёрат қилади. Мусулмончилик анъаналарига кўра, Рамазон ойида Маккани зиёрат қилиш айниқса муҳим ҳисобланади. Жорий йилда Рамазон ойи бошидан бери Маккани 14 млн нафарга яқин одам зиёрат қилди.

Snapchat`нинг ўзига хос жиҳати – унда чоп этилган хабарлар бирор вақт ўтиб, автоматик равишда ўчиб кетиши унга машҳурлик келтирган. Бу хизматда чоп этилган видеолар ҳар куни 2 млрд.га яқин намойиш йиғади. Snapchat хизматидан ҳар ойда 100 млн.га яқин одам фойдаланади, хизматнинг бизнеси эса 10 млрд долларга баҳоланмоқда.