15 июль куни Ўзбекистон Иқтисодиёти вазирлигида маҳаллий ОАВлар вакиллари иштирокида асосий мева-сабзавотчилик турлари етиштириш ҳажмини ошириш ва Ўзбекистон аҳолисининг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш масалаларига бағишланган матбуот-анжумани бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда республикада мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди, ушбу соҳаларнинг ривожланиши ва эришилган натижаларга таъсир қилувчи омиллар қайд этилди.

Охирги йилларда пахта ўсимлиги майдонларини қисқартириш ва озиқ-овқат ўсимликлари, шу жумладан ғалла, сабзавот, полиз экинлари, картошка экиш майдонларини кўпайтириш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.

Натижада ғалла экинларининг умумий экин майдонларидаги улуши 1991 йилдаги 25,7 фоиздан 2014 йилда 45 фоизгача, картошка ва полиз-сазбавот экинларининг улуши 8,8 фоизгача ошди, техник экинларнинг солиштирма оғирлиги 41,9 фоиздан 35, 4 фоизгача камайтирилди.

Шунингдек, мева-сабзавотчилик ва узумчилик ҳам тез суръатлар билан ривожланмоқда ҳамда Ўзбекистон аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашда салмоқли улуш қўшмоқда.

Охирги 5 йил ичида полиз-сабзавот ва картошка экин майдонлари 19 фоизга оширилди ҳамда боғдорчилик ва узумчилик майдонлари 11 фоизга кенгайтирилди.

Айни пайтда барча суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларининг 20 фоизи мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланилади, ушбу соҳанинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдаги улуши 41 фоизни, экспортидаги улуши эса 43,4 фоизни ташкил қилади.

Охирги етти йил ичида 36,8 минг гектар янги боғ ва 35,3 янги узумзорларни ташкил қилиш йўли билан 57,8 минг гектар боғ ва 37,6 минг гектар узумзор реконструкция қилинди.

Охирги 5 йил ичида илғор хорижий тажриба асосида томчилатиб суғориш замонавий технологияси ва бошқа инновацияларни қўллаган ҳолда 23,5 минг гектар (барча боғлар умумий майдонининг 9 фоизи) юқори ҳосилли боғлар яратилди.

2009-2015 йилларнинг ўзидаёқ 2,6 минг иссиқхона хўжаликлари яратилди.

Охирги 10 йил ичида мева-сабзавотчилик ва узумчилик хом ашёсини қайта ишлаш ҳажми 4,2 баробарга, яъни 2004 йилдаги 557 минг тоннадан 2014 йилдаги 2320 минг тоннагача ошди.

Мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари дастури доирасида бир вақтда сақлаш 231,8 минг тонна маҳсулотни сақлай оладиган 347та замонавий омборхона қуриб, фойдаланишга топширилди ва 49,8 минг тонна сиғимга эга 80та мавжуд музлатиш камералари модернизация қилинди.