Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида истеъмолчини узоқ вақт алдаб, ундан пул олиб юрган электр тармоғи ходими қўлга олинди. Бу ҳақда “Огоҳ” газетаси ёзмоқда.
1988 йили туғилган, Яшнобод туман электр таъминоти корхонасининг электр монтёр-агент лавозимида ишлаб келган Шердил Эргашев истеъмолчи Санобар Хўжаевани турли йўллар билан алдаб келган. Унга ишонган аёл квитанцияларни текширмаган. Ваҳоланки Шердил квитанцияларга олган пулининг ярмини ёзиб келган.

Бир сафар у электр ҳисоблагичнинг бузилганини айтиб, бу 2 млн сўм жаримага олиб келишини, лекин 800 минг сўмга ишни ҳал қилиб бера олишини айтган. Хўжаева Эргашевга 475 минг сўм тутқазган ва алмаштириш ишларини ўзи амалга оширишини айтган. Лекин ҳисоблагич аслида ишлаб тургани боис Эргашев ҳеч қандай чора кўрмай, пулларни ишлатиб юборган.

Эргашев ишига масъулиятсизлик билан ёндашгани боис лавозимидан озод қилинган. Ўша куни у Хўжаеванинг уйига охирги марта бориб, ундан 75 минг сўм олган.
Орадан анча вақт ўтиб, Эргашевни топа олмаган, ҳисоблагич алмаштирилмаганидан хавотирга тушган Хўжаева корхона раҳбарига учраган. Ана шунда Эргашевнинг хатти-ҳаракатлари очилиб қолган.
Тергов жараёнидан сўнг иш судга оширилди. Суд Эргашевнинг жиноятини кўриб чиқмоқда.