Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов вертолёт бортидан туриб Туркманбоши шаҳрида қурилаётган халқаро денгиз порти қурилиши ишлари билан танишиб чиқди.

“2020 йилга қадар Туркманбоши халқаро денгиз порти ва Туркманистон денгиз флотини ривожлантириш бош режаси”га мувофиқ, портнинг умумий майдони 138.5 гектарни ташкил қилади. Унинг бир қисми денгиз акваториясида жойлашади. Лойиҳа паром, йўловчи ва юк терминалларининг қурилишини кўзда тутади. Портнинг кема тўхташ чизиғининг умумий узунлиги 3 607 м ни ташкил қилади.

Қирғоқ инфраструктураси автомобиль ва темир йўлларидан иборат бўлади.

Давлат ахборот агентлигининг хабар қилишича, акваторияни чуқурлаштириш учун 7.5 млн кубометр сув ости тупроғини чиқариб олиш талаб қилинади. Бу тупроқдан портдан 4 км масофада сунъий орол яратиш кўзланмоқда. Текширувлар денгиз акваториясининг тозалигини ҳамда орол қурилиши учун сарфланадиган тупроқнинг атроф муҳит учун хавфсизлигини тасдиқлади. Бу орол юз минглаб қушлар учун макон бўлади. Тупроқни олиб ўтиш учун 5 310 м ли қувур ўтказилмоқда, шунингдек, 3 800 м ли тўғон қурилмоқда.