Хитой Японияда ҳарбийларнинг ваколатларини кенгайтиришни кўзда тутувчи қонуннинг қабул қилинишидан кескин норозилигини билдирди. Бу ҳақда ХХР ТИВ хабарномасидан маълум бўлди.
Илгарироқ Япония парламенти қуйи палатаси ҳарбийларнинг ваколатларини кенгайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллагани хабар қилинган эди. Бундай қарор кўплаб эътирозларга ва бош вазир Синдзо Абэ рейтингининг тушишига олиб келди. Бош вазирнинг фикрича, мамлакатнинг хавфсизлик масаласидаги қатъий позицияси янги таҳдидлар, шу жумладан, Хитойнинг фаоллашувига жавобдир.
Хабарномада айтилишича, ХХР Давлат кенгаши аъзоси Ян Цзечи Япония Хавфсизлик кенгаши бош котиби Сётаро Яти билан Пекинда ўтган музокаралар чоғида бу борада ўз хавотирларини билдириб ўтган.
“Тарихий сабабларга кўра Осиё давлатлари ва жаҳон ҳамжамияти Япониянинг мудофаа ва хавфсизлик сиёсатига катта эътибор қаратиб келади, – дейилади хабарномада. – Япония парламенти томонидан хавфсизлик тўғрисида янги қонуннинг қабул қилиниши Япониянинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тарихидаги муқобили йўқ воқеа бўлди”.