АҚШнинг Колародо штатидаги новвойхоналардан бирига айиқ ҳужум қилиб, 38та пирогни еб қўйган. Бу ҳақда Sky News нашри хабар берди.

Colorado Cherry Company номли новвойхоналарни бирлаштирган компания хўжайини Кристи Ленертнинг маълум қилишича, айиқ яна 2та пирогни ўзи билан олиб кетган.

Қайд этилишича, айиқ Лайонс шаҳридаги ушбу новвойхонага "тажрибали ўғрилар" каби ҳаракатланиб, камераларни четлаб ўтган ҳолда кириб олган. Лекин ичкарида у изларини яширишга уринмаган ва барча нарсани ағдар-тўнтар қилиб, деразаларни синдирган.

Ленертнинг айтишича, воқеалар ривожи бундан ҳам ёмон ривожланиши мумкин эди.
"Бинонинг юқори қисмида ресторан ҳам жойлашган. Айиқ эса у ёққа чиқмасдан, бурчакдаги ширинликлар томон бурилган. У 24та гилосли ва 14та олмали пирогни паққос туширган, қулупнайли ва равочли пирогларга эса тегинмаган", дейди у.

Қайд этиш жоизки, Ленерт айиқлардан илк марта жабрланмаяпти. Бироз олдинроқ, унинг Лавленд шаҳридаги нонвойхонасига ҳам айиқ ҳужуми кузатилганди.