Австралия бир йил муқаддам Украинада, Boeing ҳалокати жойида айирмачилар томонидан суратга олинган ҳамда News Corp медиакомпанияси томонидан тарқатилган видеонинг ҳақиқийлигини текширувдан ўтказади. Бу ҳақда Австралия ташқи ишлари вазири Жули Бишоп баёнот берди.
Malaysia Airlines авиакомпаниясига тегишли Boeing йўловчи лайнери Амстердамдан Куала-Лумпурга MH17 рейсини амалга ошираётган чоғда 2014 йилнинг 17 июлида Донбассда айирмачилар томонидан уриб туширилган эди. 283 йўловчи ва 15 экипаж аъзоси ҳалок бўлди. Улар орасида 10та давлат фуқаролари бор эди. Воқеа Нидерландия Хавфсизлик кенгаши томонидан тафтиш қилинмоқда – йўловчиларнинг асосий қисми ушбу давлат фуқаролари эди.
Австралия журналистлари томонидан тарқатилган видеолавҳада самолёт қолдиқлари яқинида ўзаро ва телефон орқали суҳбат қураётган инсонлар қайд қилинган. Бишоп хонимнинг айтишича, ушбу видеолавҳа Нидерландия кенгашининг тафтиш ишини бир қадар осонлаштириши мумкин. Айнан шу туфайли мазкур масалада текширув ишлари ўтказилади.
Шунингдек, вазир ушбу ҳалокат юзасидан халқаро трибунал ташкил этилиши зарурлигини яна бир бор таъкидлади.