Жорий йилнинг 15 июль куни Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида Қўмита раиси Даврон Хидоятовнинг «Heidelberg Cement AG» компанияси вакили Роман Кемпе билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувда Давлат рақобат қўмитасининг раҳбарлари ва масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Ташрифнинг мақсади Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқарувчи янги корхоналарни яратиш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Германиянинг қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Heidelberg Cement AG» компанияси цемент (1 ўрин) ва бетон (3 ўрин) ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан ҳисобланади. Компаниянинг 28 мингта корхонаси мавжуд, бундан ташқари 40дан ортиқ мамлакатларда ўз ваколатхоналарига эга. Ўтган йили компаниянинг капитал айланмаси 15 млрд евродан ошиб кетган.

Учрашув давомида компания вакилига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 апрелдаги №ПҚ-2340-сонли “Иқтисодиётда хусусий мулкчиликни улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, «Қизилқумцемент» АЖ давлат улушини хусусийлаштириш, хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар шу жумладан хорижий мулкдорлар ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, бўлиб ўтган музокаралар давомида «Heidelberg Cement AG» компанияси томонидан республикада қурилиш материалларини (цемент, бетон ва ҳ.к.) ишлаб чиқарадиган давлат корхоналари ёки хусусий корхоналарнинг активларини сотиб олиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.